Бухоро вилоятида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси жамиятда янги муҳокамаларга сабаб бўлди. 2025 йил 31 март куни содир этилган ушбу воқеа — бир қарашда тасодифий, аслида эса муаммолар илдизини кўрсатувчи ҳолатдир.
Қизил чироқда тўхтаб турган пиёдалар йўлакчаси олдида турган “Кобалт” автомашинаси орқа томондан ҳаракатланаётган “BYD SONG EV PLUS” электромобили томонидан уриб кетилди. Воқеа «Навоий-Бухоро» йўналишида, Ғиждувон туманида юз берган. Ҳодиса оқибатида “Кобалт” ичидаги ёловчи тан жароҳати олган. Расмий ҳужжатларда қайд этилишича, BYD автомобили ҳайдовчиси — 1940 йилда туғилган, нафақадаги шахс бўлган.
Бу ерда журналистик савол туғилади: 85 ёшли инсон нега рулига ўтказилди? Қонуний жиҳатдан ҳайдовчи гувоҳномаси амал қилса, йўлга чиқиш тақиқланмаган. Аммо инсоннинг ёши, жисмоний ҳолати ва рефлексларининг сустлашуви хавфсизлик нуқтаи назаридан эътибордан четда қолмаслиги керак эмас.
Бу каби ҳолатлар кўпинча жамиятимизда шаклланган “отага авто олиб бериш” анъанаси натижасида келиб чиқади. Баъзан фарзандлар отасига эҳтиром ифодаси сифатида янги автомобил совға қилишади. Бу қадрият жиҳатидан гўзал иш. Лекин кўп ҳолларда шундай “совға”лар кекса инсонларни ҳимоя қилиш ўрнига, уларни хавфли вазиятларга дучор этади.
Ҳақиқий фарзанд ота-онасини ёлғиз ҳайдашга қўймайди. Уларни оила аъзолари билан бирга ҳаракатланишга чорлайди, ёки имкони бўлса, отаси ёнида ўзи ҳайдовчи бўлиб хизмат қилади. Баъзан бу “совға”лар кекса инсон учун масъулиятдан кўра кўпроқ хатар бўлиб чиқади.
Қонунчиликка кўра, ҳар бир ҳайдовчи ҳаракатдаги йўл белгиларига, светофор ишораларига ва ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига сўзсиз амал қилиши шарт. Ўзбекистон Республикасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунда белгилаб қўйилган: “Йўл ҳаракати қатнашчилари йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатларига риоя қилишлари шарт.”
Афсуски, мазкур ҳолатда ушбу талабга амал қилинмаган ва бу бошқа инсон ҳаёти учун таҳдидга айланган. Айблов далолатномасига кўра, “BYD SONG” ҳайдовчиси қизил чироқда тўхтамасдан ҳаракатни давом эттирган ва натижада “Кобалт” автомобилини суриб юборган.
Ҳозирги кунда транспорт воситалари сони кескин ошган, лекин ҳайдовчилик маданияти, жавобгарлик ҳисси ҳам шунга яраша ривожланиши керак. Совға қилинган автомобил нафақат эҳтиром, балки масъулият ҳам юклайди.
Шундай экан, жамиятда “отага авто” бериш каби гўзал ҳаракатлар фожеаларга айланмаслиги учун, фарзандлар онгли ёндашувни танлаши лозим. Отаси ёши катта бўлса, унинг ўзига авто бермасдан, ёнида юриш, ёрдам бериш — ҳақиқий эҳтиром ва меҳрдан далолатдир.
Бу ҳолат бизга наfaqat юридик, балки маънавий, ахлоқий жиҳатдан ҳам сабоқ бўлиши керак: йўлда ҳаракат — фақат техник жараён эмас, балки инсон ҳаётини ҳимоя қилиш вазифаси ҳамдир.