Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Telegram’даги расмий саҳифасида хабар беришича:
Жорий йилнинг 22 октябрь куни “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишни янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
🔹Қарорга кўра, 2021 йилда амалдаги 190 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади.
🔹Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тартиби жорий этилади. Жумладан:
✅амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар босқичма-босқич тўлиқ коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади;
✅норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда коррупциявий омилларни аниқлаш бўйича намунавий шаклдаги саволнома (чеклист) тўлдирилиб, лойиҳа қабул қилингунигача бўлган босқичларда унга илова қилинади;
✅ 2022 йил 1 январдан илмий ташкилотлар ва ОТМ вакиллари ҳамда жисмоний шахслар – мустақил экспертлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши илмий ва мустақил экспертизадан ўтказиши мумкин.
❗️Экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича хулосалар тегишли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мажбурий кўриб чиқилади.
Қарорда Коррупцияга қарши курашиш агентлигига ҳам бошқа давлат ташкилотлари билан биргаликда амалга ошириладиган бир қатор вазифалар белгиланган:
1️⃣ Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳаларида ривожланган давлатларнинг тажрибасини ўрганиш мақсадида мутахассисларнинг ушбу давлатларга ташрифларини уюштириш юзасидан таклифлар киритиш;
2️⃣Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш юзасидан нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокида кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинглар ўтказиб бориш;
📋 Қарор билан шунингдек, қурилиш, соғлиқни сақлаш, олий таълим ва давлат харидлари соҳаларидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш натижасида аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этиш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.