Меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари қонун билан мустаҳкамланмоқда

Кейинги йилларда мамлакатимизда ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, вақтинчалик ишлаш учун хорижга жўнаб кетаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларга зарур ҳуқуқий, ижтимоий, ахборот-маслаҳат ёрдами кўрсатиш ҳамда моддий қўллаб-қувватлаш борасида изчил ва кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳаси юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан 2021 йил 20 декабрь куни семинар ташкил этилди.

Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари ҳамда соҳага оид тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги қонуности ҳужжатлари қонун даражасида мустаҳкамланади, халқаро ҳужжатлардаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларига оид нормалар миллий қонунчиликка имплементация қилинади.

Шунингдек, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги меҳнат фаолиятини ташкил этиш ва чет эллик фуқароларни Ўзбекистон Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида жалб қилиш тартиби ягона қонунда тизимлаштирилган ҳолда жамланади.

Қонун лойиҳасида ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланяпти. Соҳада қўлланилиб келинаётган тушунчаларнинг мазмун-моҳияти очиб берилмоқда.

Қайд этилганидек, лойиҳада назарда тутилаётган нормалар билан уюшган ҳолда ишга жойлаштириладиган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқароларни реинтеграция қилиш тартиби тизимлаштирилади.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга, ташқи меҳнат миграцияси жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга, меҳнат мигрантларининг ҳисобини юритиш ва ушбу соҳада мониторингни амалга оширишга хизмат қилади.

Қизғин муҳокамаларга бой бўлган тадбирда иштирокчилар томонидан ишчи гуруҳи аъзоларига лойиҳани янада такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар берилди, кўплаб саволлар ўртага ташланди ва уларга атрофлича жавоблар олинди.

Қўмитада қонун лойиҳасини маромига етказиш жараёнлари давом этмоқда.

Loading

Mavzuga oid xabarlar

BO`LIMLAR

Soʼnggi yangiliklar

Ob-havo

Tezkor xabar yo`llash

Tezkor xabar yo`llash